Елкамизга
шамол тегадиган кунларимизга оз қолди!
Анчадан бери шэър ёзмай
қўйгандим. Яна шеър ёзишимга сабаб бўлган воқеани ҳикоя қилиб берсам. Буни
ёзмаслигим керак эди балки, лекин кимларгадир сабоқ бўлар деб ўйладим.
Одатий
кунларнинг бири эди. Субҳи-содиқнинг ғира-ширасида қўл телефоним безовта
жиринглаб қолди. Экранида “Акам кичкинаси” - деган ёзув. Каллайи- саҳарлаб
телефон чақирувидан ҳамманинг ҳам хаёлини турфа ҳил шубҳа-гумонлар қуршаб
олади. Менинг ҳам кўнглимга шунга ўхшаш ҳиссиёт
бир мўралади-ю, “тинчлик бўлсин ишқилиб” – деган умид билан тугмани
босдим:
-
Алло, ассалому алайкум!
-
Тез йўлга чиқ, дадамнинг аҳволи
оғирлашиб қолди.
-
Ааааа???!!!
-
...
Устимдан
муздай сув қуйгандак бўлди – танам музлаб кетди, бироз гаранг бўлиб қолдим. Навбатдаги
рейс билан дарҳол учиш учун водийга чипта буютирдим. Ҳушим ўзимда эмас, хом
гувалакдек оғирлашиб, тарвуздай ёрилишга мойил бўлиб турган бошим қаттиқ сиқар,
хаёлларимни назорат қила олмасдим...
* * * * *
Маҳалладош
дўстларим басма-басига қўнғироқ қила бошлаганида аэропортда, кутиш залида ўтирардим. Узлуксиз
телефон чақирувларидан юрагим ортга тортар, жавоб беришни истамасдим, қўлларим эса
қалтирарди. Ва ниҳоят, кимнингдир қўнғироғига жавоб бериш учун журъат топдим,
“ишқилиб, тинчлик бўлсин”:
-
...
-
Алло, дўстим, эшитдик, оғирроқ бўлинг,
ҳамманинг бошида...
Қолган
гаплар қулоғимга кирмади...
Айни
дамда, тана аъзоларим ўзимга бўйсунмасди. Кўз олдимга дадам билан охирги марта
кўришганимдан бошқа нарса келмади. Ўшанда дадам: “Мен отдайман” – деган эди-я;
кулиб, пешонамдан ўпиб кутиб олган эди. Ахир, ўшанда дадамнинг юзида ҳеч қандай
ҳасталик аломатлари сезилмаганди. Мана кўрмаганимга ҳам бир ой бўлибди. Шундан
бери фақат кун оралатиб, телефонда гаплашаман ҳолос. Мусофирчилик қурсин!
Охирги
марта қўнғироқ қилганимда “Мен зўрман, сен ўзингни эҳтиёт қигин, катта-катта еб
юр” деган эди-ку! Ахир, ёш эди-ку – эндигина, эллик бешга кирган эди-ку! Ўз-ўзидан
бундай бўлишига ишониш осонми, ахир?! Шунинг учун ҳам, алаҳсираяпман деб ўйладим.
Негадир, алахсираётганимга ишонардим, “бу шунчаки қўрқинчли туш, тезроқ ўзимга
келишим керак” – деб гавдамни бироз силкитдим ва шунда елкамдан бир аёл
туртаётганини сездим. Қарасам, самолётда мен билан ёнма-ён ўтирган аёл: “мард
бўлинг укам, мард бўлинг” - деб дастрўмол тутарди. Шундагина кўзларимдан ёш
сизиб чиқаётганини пайқадим, қаншаримда оғриқ сездим, самалётга қандай қилиб
чиқиб қолганимни ўйлашга ҳам хоҳиш йўқ. Аёлга нимадир демоқчи бўлиб оғиз
жуфтладим-у, бўғзимга тиқилган зардобдай ғашлик ва қисқа-қисқа олаётган нафасим
бунга йўл қўймади. Кўз олдим қоронғулашди. Яна бирдан ўша оғриқли ва чалкаш туйғулар
етаклаган ҳаёллар уммонига шўнғидим. Бу уммон мени турли тўлқинларга, дахшатли
тўфонларга айлантириб солди.
-
“Кечирасиз,
ҳурматли йўловчи аҳволингиз яхшими? Биз етиб келдик”.
Стуардессанинг саволидан ўзимга келдим. Аниқроғи,
“ўзимга келганим” самолётдан пастга ким етаклаб олиб тушаётгани эслай олиш
даражасида бўлмаса ҳам, ташқарида кутиб турган дўстларимни танишга етарли эди. Уларни
кўриб, юрагимдан бир нима узилди-ю, ёш боладай хўнграб юбордим. Дўст дегани
мана шунақа пайтда билинар экан.
* * * * *
Машинада ўша дўстлардан бири эгнимга
дадамнинг тўнини кийдирар экан, менга алланималарни тушунтирмоқчи бўлар – мен эса,
ҳеч нарсани эшитмай, алаҳсирардим. Шунда дўстим нимадир қилди, юзимга совуқ сув
сепдими, ёки бир-икки шапатиладими – билмайман, лекин гаплари элас-элас қулоғимга
эшитила бошлади: –“...майли, йиғла. Истаганингдек йиғла. Фақат шу машинада...,
фақат уйингга етганда ўзингни тут, онангни ўйла, илтимос!”
Кўз олдимга онам келди! “- Ая,
аяжоним, муштипарим, ҳокисоргинам! Аҳволингизни тасаввур қиляпман”. Мана енди
дод солиб йиғлардим, дадамга ачиниб, аямга ачиниб. Ахир, олти фарзандни “катта қиламан,
уйли-жойли қиламан” - деб бир умр меҳнатдан боши чиқмади, бечораларнинг. Биримизнинг
камимизни қилса, иккинчимизники тайёр бўлиб турарди. Умрлари давомида бирор
марта сиҳатгоҳга бориб дам олишганларини эслолмадим. “Ўзбекчилик, ўзбекчилик” -
деб, бешта болани жойлагунча бели чиқай деди, чакана қийинчилик кўришмадими?! Шу
охиргисини уйласак, елкадаги тоғ қулайди - “Елкамизга шамол тегадиган
кунларимизга оз қолди-я аяси?” - деб кўп айтарди дадам охирги пайтда. Аммо бу
шамол ўрнига бўрон келиб, кўп мевали бу икки дарахтдан бирини томирлари билан
қўпориб ташлади. Иккинчисининг ҳам мен каби юрагидан бир нима юлингандай
бўлгани аниқ. Шуларни ўйлаганим сари танамни ёндираётган олов баттар куч олди. Машинани
эр-йигитнинг йиғиси чулғаб олди.
* * * * *
Машинадан тушганда, қизариб кетган
кўзларимнинг ости ачишди. Уйга кириб боришим билан ичкаридаги йиғи авжига
минди. Кўзларим билан “Ёлғон” – деган сўзни айта оладиган “мард”ни қидирдим.
Жавоб ўрнига одамлар мени бағрига босиб қўйишар, нималардир дейишарди. Лекин
уларнинг айнан нима деяётганини, ўзим ҳам уларга нима деб жавоб бераётганини
англайдиган аҳволда эмас эдим.
Мийямда бир нарса ғужанак бўлиб
тўпланиб турарди, оғриқли...
Кўзим тинди... ва бирдан кўзимга
оломон кўринди, кимдир менга олдинга ўтинг деб ишора қилди.
Кўзим тинди... ва елкаларимга
нимадир ботарди. Бу кетмонсопнинг оғриғи эмас.
Яна кўзим тинди... чанг тўзон ичида
одамларнинг қадам овозлари ва гаплари эшитилди.
- “Туширинглар!”
- “Эҳтиёт бўлиб, нариги томонини
пасайтиринглар...”
Бирдан дадамнинг оламдан ўтгани ёдимга
тушди. Шошилиб олдига ўтдим. Қабр ичига кириб, дадамни сўнгги сафарга кузатишга
отландим.
-“Рози бўлинг дадажо-о-о-н, биздан
рози бўли-и-нг”.
Жазирама қизарган кўзларимдаги
оғриқни икки ҳиссага оширди. Кўзим бир неча сонияга юмилди. Шу бир неча сонияда
туш кўрдим. Балки ҳаёл қилгандирман, лекин менга тушга ўхшаб туюлди. Бунда дадам
билан булоқ бўйида сайр қилардик. Дадам менга булоқдаги турли хил балиқларни
кўрсатар ва қувонарди.
* * * * *
Уйга қайтар эканмиз, одамлар менга
ҳамдардлик билдириб, дардимни оғир қилишарди. – “Ўғлим, Оллоҳнинг буюргани
доимо бош устига. Энди онангизни эҳтиёт қилинг”.
Бу гапни ким айтган бўлса ҳам – тўғри эди.
Шунда онаизорим хаёлимга келди. Ҳали, кўзлари жиққа ёшланган, Оллоҳга осий
бўлиб қолишдан қўрқиб, ширкнинг чегарасидан нариги тарафга ўтолмай, ўзини тутиб
турган бу ҳокисор аёлнинг нигоҳи уч алп ўғлига жавобсиз саволларни йўллай
бошласа, бу саволларга жавоб беришга қайдан куч топилади? Кўзларим бардош бера оладими? Юрагимчи? Мана
шундай пайтларда буюк яратувчи – қодир Худо мусибат аҳлига қандайдир куч ато
этар экан. Уларнинг кўнгиллари ғуборлардан тозаланади. Дунёнинг ўткинчилиги-ю,
одамларнинг ғанимат эканлигини англашга имкон беради. “Эй яратган, бергувчи
ҳам, олгувчи ҳам ўзинг. Бизни машаққатли синовга ташлабсанми, демакки,
ёдингдамиз. Юборган мусибатларингга яраша сабр ато қил ожиз бандаларингга.
Биздан мархаматингни дариғ тутма!”.
Ана энди ўзимни қўлга олишим керак.
Ҳали-замон юрагининг ярмини олдириб қўйган икки опам ва синглим кўксимга
муштлаб йиғлашларига чидамоқ учун, уларни юпатмоқ учун ўзимни қўлга олишим
керак. Айни дамда кўпроқ аям ва опа-сингилларимни ўйлашим лозим. Куни келиб
дадамнинг ўрни билиниб, зор-зор йиғлашим мумкинлигини сезиб турсам ҳам, ҳозир
ўзимни қўлга олмасам, мени кўриб ожизаларнинг дарди оғирлашиши аниқ.
* * * * *
Уйга кирарканман, бемажол
опа-сингилларимни тартибга чақирдим. Дадамизнинг руҳи озор топмаслигини
исташса, оҳ-войни бас қилишларини айтдим. Қизлар аста ўзларига кела бошлади.
Қиз бола зоти шу – отаси учун барча яхшиликларни илинади, ҳар доим унинг учун
жон беришга тайёр бўлади. Мана унинг руҳини қийноқда қолмаслигини ўйлаб, унсиз
йиғлашяпти. Мен эса йиғламасдим, ёнаётган вужудимнинг буғлари опа-сингилларимнинг
кўзларидан ёш бўлиб юмалаётганини кўриб туриб ҳам ўзимни тиярдим. Худди туш
кўраётгандек, ҳозир уйғонаман-у ҳаммаси ортда қолади. Шунда барча ишларга қўл
силтаб, ота-онамни кўришга бораман. Ахир уларни соғинганман, кўрмаганимга нақд
бир ой бўлди. Бунинг бари туш бўлиб чиқишини чин дилдан истардим. Бироқ, энди
сабр қилишдан бошқа имконим йўқ.
Шу пайт, кимдир келиб кўксимга
бошини суяди, мен қайноқ меҳрни ҳис қилдим, этим жимираб кетди. Қўллари қадоқ
бу аёлнинг юзларидаги ажинлар ҳаётнинг турфа ҳил синовларидан эртаклар
сўйларди. Наҳотки бу менинг аям?! Унинг сочлари қачон оқарди? Вужуди қачон
бунчалар кичрайди? Оҳирги марта бир ой олдин кўргандим-а, бир ой! Онаизоримнинг
қовоқлари шишган, икки яноғи аччиқ кўз-ёшнинг дастидан қонталаш бўлиб шилинган,
лаблари эса пичирларди. Мен бу лаблардан базўр чиқаётган сўзларни эшитмоқчи
бўлиб, яқинлашдим:
-“Тўйингизни кўрса бўлмасмиди болам...”
“Болам” – деган сўз шундай ингроққа
ўхшаб чиқдики, томирларимда вулқон гупуриб кетди. Одамзот қанчалар ожиз
эканлигини англадим. Бўғзимга бир нима тиқилди. Мен орзу қилган кунларни дадам
кўрмади. Дадамни ўйласам, бошига дурра ўраб, шудгорда кетмон чопиб юрган одам,
унинг яқинида лой ўйнаб ўтирган болалик пайтларим кўз олдимга келади. Кўп болали
оила бўлганимиз учун доимо рўзғорда бир-нима кам бўларди. Улғайиб, ундай
қиламан-бундай қиламан – ота-онам орзу ҳавасларимни кўради деб ўйлардим доим.
Ҳаёт шунақа экан, одамлар истаган режаларини тузаверади, тузаверади. Бироқ,
тақдирнинг режаси бир лаҳзада бу режаларни барбод қилиши мумкин. Балки дадам
сўнги нафасида ўша ёруғ режалар ҳақида ўйлагандир?! Кенжатойининг келажагини
ўйлаб армон билан кетмадимикин? Балки, кўзининг оқ-у қорасидан кўнгли тўқлиги
учун ҳам уни эрта ташлаб кетишга азм қилгандир? Нима бўлган тақдирда ҳам энди
бу кенжатойнинг кўнгли ҳам, бахти ҳам ярим. Ҳали ҳар нарса унга отасини
эслатади. Уйнинг ҳар бурчаги, ҳар устуни, шифти-ю дарвозаси – ҳамма ҳаммасида у
отасини кўради. Кўчанинг бошидан отаси велосипед миниб келаётганга ўхшайверади.
Бахтиёр кунларини ҳам кўзда ёш билан кутиб олади. Энди тўйида отаси бош бўлиб
турмайди. Кенжа келинининг қўлидан чой ичганини, набирасини елкасида ўйнатиб
юришини кўрмайди. Энди ҳар қандай хурсандчилик кунларида ҳам унга бир нима
етишмайди. Мана шуларни ўйлаб дод солгиси келади. Лекин у онаси олдида
йиғлолмайди. Бугун у улғайди, бир кунда улғайди. Мана унинг юз ифодаси, қовоғи,
юришлари ўзгарган. Бугун у отаси елкасида кўтариб юрган тоғнинг нақадар
оғирлигини ҳис қиляпти.
Аямни қучиб бир лаҳзада ҳаёлимдан
ўтганлари шу бўлди. Аямнинг кўзларига қараб бир гапни ўқирдим: “Елкамизга шамол
тегадиган кунларимизга оз қолганди-я, болам?!”
Айтгандай
яна шеър ёзишимга сабаб бўлган воқеани айтиб берганимдан кейин, шеърни ҳам
кўрсатмасам бўлмас. Камчиликлари учун шоирлардан узр сўраган ҳолда эътиборингизга
ҳавола этаман:
Бир сукунат инграр саҳарда,
Қорачиқлар бўлар қора чўғ.
Ҳаволанган шундай шаҳарда
Нафас олай десанг ҳаво йўқ.
Мўрилардан бурқсиб чиқар оҳ,
Изтироблар кирар уйимга.
Мўлтираган икки жуфт нигоҳ,
Дарвозага қадаб қўйилган.
Ҳудди, ҳозир учиб кетар ғам,
Кириб келар ҳовлига биров.
Она, нега киприкларинг нам,
Бир кечада сочларинг қиров?
Кўзларимда миллионта сўроқ,
Йўлларимда хазон уюми,
Менга катта келаркан озроқ
Дадам кийган оёқ кийими.
No comments:
Post a Comment